Андижонда 2020 йил якунига қадар 350 дона трансформатор пункти қурилади
Андижон вилоятида 2020 йил якунига қадар 350 дона трансформатор пункти қурилади. Бу ҳақда «Андижон ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда 110 киловатт кучланишли подстанцияларнинг қувватини ошириш ҳисобига электр таъминоти мустаҳкамланди. Камолот, Охунбобоев, Сўфиқишлоқ, Файзиобод, Гулшан нимстанцияларида замонавий куч трансформаторлари ўрнатилиб, ишга туширилди. Андижон, Избоскан, Жалақудуқ туманларидаги 120 та маҳалладаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари, кичик саноат худудида электр узатиш яхшиланди.
Шунингдек, даврий режага нисбатан 379,2 километр электр тармоқлари қурилди. 159 дона трансформатор пункти ўрнатилди. Йил якунига қадар 566,9 километр узатиш тармоғи тортиш, 350 дона трансформатор пункти қуриш амалга оширилади.
Ундан ташқари, бетон таянчлар, траверс ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи ташкил қилинди. Электр тармоқларида фойдаланиладиган темир-бетон устунлар, ускуналар, қурилмалар тайёрлаш ўзлаштирилди. Бундан иқтисод қилинадиган маблағ 2,061 миллиард сўмдан иборат.
Шу билан бирга, куз-қиш фаслига ҳозирлик кўриш учун дастур тузилди. 1084,8 километр узатиш тармоғи 402 дона 6-10Ғ0,4 киловатт кучланишли трансформатор пункти, 394 дона тармоқ трансформаторини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилди.
Шу кунга қадар маиший истеъмолчиларга 208 230 дона хисоблагич ўрнатилди. Йил якунигача 405 601 дона шундай хисоблагичлар монтаж қилинади. Натижада 260 та маҳалла, 245 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари, 410 та ижтимоий соҳа ҳамда 2005 та тадбиркорлик субъектининг электр таъминоти яхшиланади. Электр энергияси етказиш, ҳисоб-китоби мукаммаллашади.
Эслатиб ўтамиз, Aсакадаги «Турон» маҳалласига аҳоли мурожаатига кўра замонавий трансформатор комплекти олиб келинган.
Аввалроқ вилоятдаги нимстанцияларда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани ҳамда Пахтаобод туманидаги «Қайр» МФЙга 1,5 километр узунликдаги 10/0,4 киловатт кучланишли ҳаво тармоқлари, 30 дона янги темир-бетон таянч ўрнатиш ишларини амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар қилинганди.