Булунғурда салкам 2,3 млрд сўмга қурилган 270 ўринли мактаб биноси фойдаланишга топширилади
Самарқанд вилояти Булунғур туманида 1 октябрь, пайшанба куни 270 ўринли мактаб биноси фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ушбу мактаб биноси тумандаги «Эрганакли» маҳалласида жойлашган 35-умумий ўртатаълим мактабига қўшимча тарзда қурилган. Шунингдек айни вақтда қурилиш ишлари якунланиб, бинони пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, 35-умумий ўртатаълим мактаби учун 2020 йилда «Инқирозга қарши курашиш» дастури доирасида 2,3 миллиард сўм ажратилган бўлиб, мазкур янги мактаб биноси ушбу маблағлар эвазига қурилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурободда 428 миллион сўмга қурилган 3 та ва 324 миллион сўмга қурилган 2 та мактаб филиали биноси ҳамда 2 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Наманганда 5,5 миллиард сўмлик футбол мактаби ва Марҳаматда бир кунда учта янги боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида маълум қилинди.