Марҳаматда бир кунда учта янги боғча фойдаланишга топширилди (фото)

Марҳамат тумани ҳокими 14 сентябрь, душанба куни тумандаги учта мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимида қатнашди, деб хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, боғчалардан бири тадбиркор Тохиржон Болтабоев томонидан «Янги ҳаёт» МФЙ ҳудудида «Ғуломжон хожи ота» давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси очилган. Ушбу муассасанинг қурилиши 2019 йилнинг август ойида бошланган бўлиб, сентябрь ойида қуриб битказилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Лойиҳа қиймати жами 5 миллиард 850 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 3 миллиард 200 миллион сўм банк кредит маблағи асосида, қолган қисми эса тадбиркор ҳисобидан қурилган. Муассаса 300 нафар болаларга мўлжалланган. Шу билан бирга, 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, туманнинг Ғафур Ғулом номидаги МФЙда ҳам тадбиркор Дилшодбек Мўминов томонидан қурилган «Аср Зиё Болажон» номли давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини бошлаган. 4 миллиард 750 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилган бино жами 240 ўринли бўлиб, бу ерда 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, «Шўрқақир» МФЙ Ипак йўли кўчасида жойлашган тадбиркор Хайитхон Якубова томонидан қуриб битказилган «Дилдорахон қувноқ болажон» номли давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассаси ҳам ўз иш фаолиятини бошлаган. Таъкидланишича, лойиҳа қиймати 4 миллард сўм бўлган бино жами 225 ўринли ва унда 25 нафар ишчи ўрни яратилган. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг бошида бошланган бўлиб, сентябрь ойида қуриб фойдаланишга топширилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда салкам 148 минг ўринли хусусий боғчалар фойдаланишга топширилиши ҳақида хабар берилганди.