Нурободда 428 млн сўмга қурилган 3 та мактабнинг филиал биноси фойдаланишга топширилди (фото)
Самарқанд вилояти Нуробод туманида 27 август куни 3 та мактабнинг филиал биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қўрғонча қишлоғидаги 48 мактаб, Саҳро қишлоғидаги 49 мактаб ва Яккашайт қишлоғидаги 74 мактабларнинг янги филиал бинолари фойдаланишга топширилган.
Қайд этилишича, ушбу 3 та мактаб филиал биноси 428 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига бунёд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иштихонда бир кунда жами 250 ўринли 3 та боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, йил сўнгига қадар Ўзбекистон бўйлаб 15 та янги кинотеатр фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.