Иштихонда бир кунда жами 250 ўринли 3 та боғча фойдаланишга топширилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида бир кунда 3 та мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) очилди. Бу ҳақда Иштихон туман ҳокимлиги хабар қилди.

Хабарга кўра, туманнинг «Миришкор» маҳалласида Собир Ўсаров томонидан ташкил этилган МТТ «Дилдора файзли болажон» номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 100 ўринли бўлиб, унда барча шароитлар яратилган. Шунингдек, машғулот хонаси, ётоқхона, ошхона, умумий овқатланиш хонаси, мусиқа заллари ва болалар ўйин майдончаси, ёзги болалар айвончалари қурилган бўлиб, қурилиш ишларига 750 миллион сўм маблағ сарфлаган. Мазкур МТТнинг очилиши натижасида мактабгача ёшдаги болаларни МТТга қамрови 32 фоизга яқинлашди.

Ўша куннинг ўзида очилган МТТларнинг навбатдагиси «Қайирма» маҳалласидаги тадбиркор Сафаров Достон томонидан ташкил этилган «Қайирмалик Достон» МТТ бўлиб, у 75 ўринга эга. Давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган хусусий МТТда ҳам болалар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, машғулот хонаси, ётоқхона, ўйин майдонлари, овқатланиш хонаси, мусиқа зали каби барча қулайликлар яратилган. Қурилиш ишларига 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарфланган.

«Боғихон» маҳалласидаги МТТ ҳам ўша куннинг ўзида фойдаланишга топширилган. Давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий тадбиркор Ислом Фозилов томонидан ташкил этилган «Боғихон мева экспорт» номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 75 ўринга эга бўлиб, бу МТТда ҳам болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Қурилиш ишларига 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарфланган.

Қайд этилишича, мазкур МТТлар Исроил Фозилов рахбарлигидаги «Қурлисой экспорт агро» МЧЖ томонидан бунёд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Қоракўлда 70 та болалар боғчасига 6 мингга яқин бола қабул қилиниши ҳамда Учқўрғондаги боғчани таъмирлашда 173,2 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар