Нурободда 324 млн сўмга қурилган 2 та мактаб филиали биноси фойдаланишга топширилди (фото)
Самарқанд вилояти Нуробод туманида 2 та мактабнинг филиал биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тумандаги Қизилқуёш ва Шурча қишлоқларида халқ таълими бўлимига қарашли 5- ҳамда 69-умумий ўрта таълим мактабларининг замонавий мактаб филиаллари фойдаланишга топширилган.
Қайд этилишича, ушбу 2 та мактаб филиаллари 324 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига қурилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иштихонда бир кунда жами 250 ўринли 3 та боғча ҳамда Попда лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм бўлган хайдовчиликка ўқитиш маркази очилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Нурободда 428 миллион сўмга қурилган 3 та мактабнинг филиал биноси ва 2 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинди.