Фарғона шаҳрида олти фарзандли оила никоҳи 30 йилдан сўнг расман қайд этилди
Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида олти фарзандли оила 30 октябрь, жума куни никоҳи 30 йилдан сўнг расман қайд этилди. Бу ҳақда вилоят Давлат хизматилари агентлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 30 октябрь куни Фарғона шаҳар 1-сонли Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига ёши 60 ёшлар атрофидаги жуфтлик келган. Аниқланишича, мазкур жуфтлик 30 йилдан сўнг расман никоҳ қургани келган.
Таъкидланишича, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Абдуқодир Муродов ҳамда Дилбар Алиеванинг никоҳи бир-бирга бўлган ишончи ва бола тарбияси сабабли қайд этилмаган.
«Бир-биримизга ишончимиз жуда баланд. Лекин барибир эртага инсонни нималар кутаётганини, ўз тақдирини билмайди. Шунинг учун турмуш ўртоғимнинг таклифи билан шу никоҳимизга расмий руҳ бериб қўйишимиз зарур, деб билдик. Тўғрисиям шу аслида. Бу бир парча расмий қоғозни олишимиз давлатга, ҳукуматга ва унинг талабларига бўлган ҳурматимиз намунаси. Анча вақтлардан буён шунча йилдан кейин ФҲДЁга келишга уялдик, соддалик қилиб турли ўй-ҳаёлларга бордик. Ҳайрият, келишимиз билан хушмуомалалик билан ҳурмат кўрсатишди, ҳуқуқий маслаҳатлар беришиб никоҳимизни расман қайд этишди», — деди Дилбар Алиева.
Аввалроқ Самарқандда 2020 йилнинг дастлабки 8 ойида 14 мингдан зиёд ва Фарғонада январь—октябрь ойларида 21,5 мингга яқин никоҳ ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Бухорода 2020 йилнинг 9 ойида 9 мингдан зиёд ҳамда мазкур давр мобайнида Андижонда 17 мингта никоҳ ҳолати қайд этилгани маълум қилинганди.