Андижонда сўнгги 9 ойда қанча одам вафот этгани маълум қилинди

Андижон вилояти шаҳар ва туманларидаги ФҲДЁ бўлимларида сўнгги 9 ой давомида 12 093 та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабар берилишича, шаҳар ва туманлардаги ФҲДЁ бўлимларига 26 октябрь ҳолатига кўра, 98 277 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларга асосан 60 887 та туғилганлик ҳолати қайд қилинган. Бундан ташқари, 17 мингта никоҳ ҳолатлари расмийлаштирилган бўлса, 2271 та ҳолатда ажримлар қайд қилинган.

«Президентимизнинг 2018 йил 12 июндаги «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ягона электрон ФҲДЁ архиви» ахборот тизими яратилган. Ҳозирда уни юритиш ва ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда ягона электрон ФҲДЁ архив фондини шакллантириш жараёни кетмоқда», — дейди ДХА вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси Гулзода Латипжонова.

Таъкидланишча, вилоятдаги ФҲДЁ органлари архивида, жами 5 092 810 дона далолатнома ёзувлари мавжуд ва шу кунга қадар «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» базасига 4 миллион (78,4 фоиз)дан ортиқ далолатнома ёзувлари киритилган. Хонобод, Қорасув шаҳарлари ҳамда Бўстон, Улуғнор туманларида рақамлаштириш ишлари якунига етказилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича 231 нафар ёшлар 4 ойлик шартнома асосида архивариусликка ишга олинган.

Аввалроқ Фарғонада сўнгги 9 ойда 14 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилгани ва Самарқанд вилояти суди ўтган 9 ойда қанча фуқаролик ишини кўриб чиққани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Андижон ҳамда Самарқанд вилоятида сўнгги 9 ойда қанча ажрим ҳолати кузатилгани маълум бўлганди.

Янгиликлар