Ўзбекистонда имо-ишора алифбоси ишлаб чиқилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2 декабрь кунидаги «Шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган имо-ишора тилини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўзбек имо-ишора алифбоси ишлаб чиқилади.

Маълум бўлишича, Халқ таълими вазирлигига уч ой муддатда лотин ёзувидаги ўзбек имо-ишора алифбосини ишлаб чиқиш ва 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб имконияти чекланган болалар учун таълим муассасаларининг ўқув жараёнига жорий этиш вазифаси топширилган.

Хусусан, Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • коррекцион педагогика ва дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб, зарур таълим йўналишлари ва мутахассисликлари (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика, логопедия) бўйича қабул квоталарини ошириш;
  • ҳудудларнинг дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида дефектология таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритишлари керак.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан энг кўп мурожаат қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларда:

  • ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан ўзбек имо-ишора тилида мулоқот қилишда кўмаклашувчи воситалар (таржимонлар, ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосида маълумот берувчи ёзувлар, видео ва фотосуратлар, эшиттирувчи, электрон маълумотлар табло) билан таъминлаш;
  • расмий веб-сайтларда ногиронлиги бўлган шахслар учун жойлаштирилган маълумотлар билан эркин танишиш ва хизматлардан фойдаланишга оид қўшимча имкониятлар жорий этиш, ўзбек имо-ишора тилида намойиш этиш шаклидаги рукнлар жойлаштириш чораларини кўрадилар.

Аввалроқ Ўзбекистон меҳмонхоналарида ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида шароитга эга хона ташкил этилиши ғақида хабар берилганди.

Янгиликлар