Ўзбекистонда янги йилнинг илк ҳафтасида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди

«Ўзгидромет» янги йилнинг дастлабки ҳафтасида республика бўйлаб қандай об-ҳаво кузатилиши юзасидан маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Синоптикларнинг хабар беришича, ҳозирда мамлакат бўйлаб об-ҳаво шароитини маркази Сибир ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон периферияси белгиламоқда. Бу эса 2021 йилнинг биринчи иш ҳафтаси давомида жуда юқори босимли майдон аномал совуқ об-ҳавони келтиради.

Кечалари совуқ 5–10 даражагача, шимолда ва чўл ҳудудларида 12–17 даражагача кўтарилади, ҳафта охиригача эса кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 0–5 даража совуқдан ошмайди. Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати ўртача йиллик қийматлардан  8–10 даражага паст бўлади.

«Республиканинг баъзи жойларида туман кузатилади. Ушбу даврда тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи бор», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчкиси хавфи эълон қилинганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришини ҳамда авария ва бошқа нохуш ҳолатлар вужудга келганда «1050» қисқа рақамига мурожаат этишларини сўраган.

Янгиликлар