Тошкентда «Nexia» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетди — видео
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 4 январь куни «Nexia» ҳайдовчиси уни тўхтатмоқчи бўлган йўл патруль хизмати ходимини машинаси капотида судраб кетди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Хабарга кўра, воқеа 4 январь куни соат 10:15 ларда тумандаги Шаҳрисабз ва Ўзбекистон овози кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. Маълум бўлишича, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБ ЙПХ ходими Й.Қ. «Nexia» русумли автомобиль ҳайдовчиси йўл белгисига амал қилмасдан ортга қайрилиб олган вақтида тўхташ ишорасини берган.
Шунингдек, ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатини давом эттирган. Миробод тумани, А.Темур ва С.Азимов кўчалари кесишган чорраҳада қоидабузар ҳайдовчи уни тўхтатишга уринган ЙПХ ходимининг устига автомобилини бошқарган ва ходим автомобиль капоти устида осилиб қолган ҳолатда 10–20 метр масофага ҳаракатланган.
Қайд этилишича, кўрилган тезкор чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилган. Ҳайдовчи — 1993 йилда туғилган Б.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135 ва 194-моддалари тартибида баённома тузилиб, автомобиль ушбу кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирда қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ «ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилганди.