Наманганда фуқаронинг уйида бир кеча тунаб қолишни илтимос қилган ангренлик қиз хонадондан 5,5 млн сўм пулни ўғирлаб кетди

Наманганда фуқаронинг уйида бир кеча тунаб қолишни илтимос қилган ангренлик қиз хонадондан 5,5 млн сўм пулни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Наманган ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро 27 июль куни шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилган.

Аризага кўра, 21 июль кунига ўтар кечаси Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи А. исмли қиз Андижон вилоятига кета олмай унинг уйида бир кеча тунаб қолишни илтимос қилган. Ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, хонадонида бўлган 5 500 000 сўм пулларни ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. Қизга нисбатан чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни содир этган қиз Тошкент вилоятидан топилган. Ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Самарқандда юк машинасидаги 5340 доллар ва 3 600 000 сўм пулларни ўғирлаган 25 ёшли қиз, Тошкентда 16 ёшли боланинг 6,5 миллион сўмлик буюмларни талон-торож қилган ҳайдовчи ва Қўқонда талончилик қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Aндижонда фуқарони уриб, машинасидан 500 доллар ва 60 минг сўм пул олганликда гумон қилиниб, 4 киши ҳамда Фарғонада 700 минг сўмлик телефон ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар