Хўжаободда 4 ёшли қизининг ўлимига сабаб бўлган она 4 йилга қамалди
Aндижон вилояти Хўжаобод туманида 4 ёшли қизининг ўлимига сабаб бўлган она 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган фуқаро Г.Ҳ. тўрт ёшли қизи A.ни ўзи эркин юра олмаслиги ва шўх бўлиб катта бўлаётгани сабабли 21 апрелдан 29 апрелга қадар қизининг боши ва танасининг бошқа қисмларига уриб, доимий калтаклаб келган.
Қайд этилишича, судда 25 ёшли она ўз айбига қисман иқрор бўлган. Маҳкум она фарзанди A. билан 21 апрелдан бошлаб яқин танишининг хонадонида яшаб келган ҳамда қизи танишининг хонадонида истаган жойига ҳожат чиқариб қўйиши оқибатида жаҳли чиқиб, уни урганини таъкидлаган.
Шунингдек, маҳкум 28 апрель куни соат 18:00 да танишининг хонадонидан чиқиб, қизи A.ни кўтарган ҳолда кўча айланганини ва ўша куни ухламагани сабаб 29 апрель куни соат 10:00 да Aндижон шаҳар 1-кичик даҳадан ўтиб кетаётганида ҳолдан тойиб, боши айланиб, қўлидаги фарзанди билан ерга йиқилганини айтган.
Ўрнидан турган она фарзандини қўлига олганда у ҳушидан кетгани маълум бўлган. Ҳушидан кетган тўрт ёшли қиз шифохонага олиб борилган ҳамда 6 май кунига қадар даволанган. Aммо қизалоқ етказилган жароҳатлар оқибатида 6 май куни вафот этган.
Суд маҳкум она Г.Ҳ.ни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди яъни жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш билан айбдор деб топган ҳамда уни 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Лекин маҳкум ҳомиладор бўлганлиги сабабли тайинланган жазо Жиноят процессуал кодексининг 533-моддаси 1-қисмининг 2-бандига асосан бир йилга кечиктирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда эрини бўғиб ўлдириб, арраланган жасадини ҳожатхонага ташлаган 25 ёшли аёл 10 йилга қамалгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Тошкентда 5 ёшли қизини ўлдириб, мурдасини ўчоқда ёқиб, кейин дарёга ташлаган онага суд ҳукми ўқилгани маълум қилинди.