Тошкентда 5 ёшли қизини ўлдириб, мурдасини ўчоқда ёқиб, кейин дарёга ташлаган онага суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 5 ёшли қизини ўлдириб, мурдасини ўчоқда ёқиб, дарёга ташлаган фуқаро A.В.га 12 август куни суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2019 йилнинг 4 ноябрь куни аёл шаръий никоҳда яшаб келган эри билан хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, фарзандини уриб, дўппослаб, ўлдирган. Воқеа тафсилотларига кўра, эр-хотин жиноятини яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида мурдани йўқотмоқчи бўлиб, уни йўл сумкасига жойлаштириб, Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала ховлига олиб борган. Мурда ўчоқда ёқилиб, сўнг ёнмай қолган қолдиқлари қопга солиниб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган.

Таъкидланишича, суд иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчиларнинг содир қилган жиноятлари ўз тасдиғини топган ва далиллар билан исботланган. Aёл Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди ва 134-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Турмуш ўртоғи эса Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «п» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этилишига дахли бўлмагани сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган. Судланувчи Жиноят кодексининг 134-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Aввалроқ Самарқандда хотинининг юзини ёқиб юборган эр 6 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Aндижонда эр хотинининг бошига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказгани хабар қилинган.

Янгиликлар