Aндижонда эр хотинининг бошига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказди
Aндижон вилояти Хўжаобод туманида 14 август куни фуқаро Г.К. (аёл) эрининг уйига фарзандининг кийим-кечакларини олиб кетиш учун борган вақтида турмуш ўртоғи Қ.К. томонидан калтакланиб, бош қисмига жароҳат етказилган. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 14 август куни соат 18:00 да Г.К. (аёл) ўзи келин бўлиб тушган, аммо оилавий низо туфайли ҳозирда яшамаяётган Хўжаобод тумани «Уч кўча» маҳалласида жойлашган уйга фарзандининг кийим-кечакларини олиб кетиш учун борган. Шу пайт турмуш ўртоғи Қ.К. билан ўзаро жанжаллашганлиги натижасида Қ.К. турмуш ўртоғи Г.К.нинг бош қисмига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказган. Ҳовлидаги шовқин сабаб Қ.К.нинг укаси И.К. чиқиб, қўллари билан Қ.К. танасининг турли жойларига уриб, ҳовлида бўлган таёқ билан унинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Г.К. ва Қ.К.лар соғлиқнинг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатларини олганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Aввалроқ Андижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, вилоятда 4 минг долларга эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган ўқитувчи ушлангани хабар қилинган.