Андижонда бир бош қорамол ўғирлаган шахслар уни 7 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди (видео)

Андижон вилояти Андижон туманида бир бош қорамол ўғирлаган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар берилди.

Aндижон тумани ИИБ «Қўшчинор» маҳалласида яшовчи фуқаро фермер хўжалиги дала майдонидан бир бош қорамол ўғирланганини айтган. Шунга асосан Aндижон тумани ИИБ тезкор қидирув тадбирини бошлаган.

Aниқланишича, туманнинг «Мингўрик» маҳалласида яшовчи 2 нафар фуқаро олдиндан тил бириктириб, мазкур ўғриликни содир этган.

Маълум бўлишича, 13 августдан 14 августга ўтар кечаси «Мингўрик» маҳалласидаги дала майдонида қаровсиз қолдирилган бир бош қорамол ўғирланган. Ўғрилик қилганлар қорамолни ҳайвон бозорида 7 миллион сўмга сотиб юбораётган пайтида ИИБ ходимлари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қувада танишининг уйидан бир қоп картошка ва 450 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар