Қувада танишининг уйидан бир қоп картошка ва 450 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қува туманида 14 августдан 15 август кунига ўтар кечаси танишининг уйига ўғриликка кириб, бир қоп картошка ва уяли телефон ўғирлаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қува туманида 14 августдан 15 август кунига ўтар кечаси фуқаро М.Ж. хамқишлоғи —Сўфи кўчасида яшовчи М.А.нинг уйига кириб, хонадоннинг айвонида қаровсиз қолдирилган, нархи 450 000 сўмлик «BQ» русумли телефон аппарати ва молхонада бўлган, нархи 150 000 сўмлик бир қоп картошкани яширин равишда ўғирлаб кетган.

Ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Булунғурда бир кунда иккита машина ичидан пул ва телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани, Наманганда фуқаронинг уйида бир кеча тунаб қолишни илтимос қилган ангренлик қиз хонадондан 5,5 миллион сўм пулни ўғирлаб кетгани ҳамда Наманганда очиқ қолган «Nexia»дан 250 доллар ва «Captiva» калитини ўғирлаган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар