Самарқандда хотинининг юзини ёқиб юборган эр 6 йилга қамалди (видео)

Самарқанд вилояти Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида турмуш ўртоғини ёқиб юборган эркак устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Маълум бўлишича, судланувчи К.Д. рашк туфайли аёлини бензин сепиб, ёқиб юборган. У буни турмуш ўртоғининг юзини ундан бошқаси кўрмасин, деган мақсадда амалга оширганини айтган. Судланувчининг гапларига кўра, турмуш ўртоғи уни камситган. Бироқ Ички ишлар органлари ва суд-тергов хулосасида аёлнинг бегона эркаклар билан ёзишгани асосланмаган.

«Бир ҳафта комада ётдим. Кейин бир ой ҳеч нарсани эслолмадим. Уйдагиларни эслолмадим. Ҳеч қандай айбим бўлмасдан, мана бунақа қилди. Бир умрга қўлим майиб бўлди. Бир умрга юзим хунуклашиб қолди. Энг оғир жазо беришингизни истайман. Бошқаларга дарс бўлсин», — деган аёл суддаги нутқида.

«Ўта шафқатсизлик билан ўт қўйиб юборган. Натижада танасининг 25 фоиз куйишига сабабчи бўлган тан жароҳати етказган. Ҳеч қандай рашкка тортадиган ҳолатлар аниқланмаган», — дея изоҳ берган судья ушбу суд иши ҳақида.

Хабарда айтилишича, ҳозир аёлнинг бир қўли, бадани, қулоғи ва юзида куйишдан катта чандиқ қолган. Энг кичик бармоғи буришиб қолган, ўзига бўйсунмайди. Фуқаро К.Д. эса Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топилган ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Аввалроқ Aндижонда эр хотинининг бошига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказгани, Асакада эр-хотин жанжали оқибатида профилактика инспектори жароҳатлангани ҳамда Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборганиб оқибатда оила аъзоларининг барчаси ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Янгиликлар