Шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборди. Оила аъзоларининг барчаси ҳалок бўлди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи эркак шахсий автомобилида ўзига қўшиб уч нафар фарзанди ва турмуш ўртоғини ёқиб юборди. Оиланинг барча аъзоси куйиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Маълумотларга кўра, воқеа 30 июль куни тунги 22:00 да Шаҳрисабз туманида содир бўлган.

Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғи оила шаҳарнинг «Гулистон» маҳалласида яшаганлигини тасдиқлаган. «Аммо воқеа Шаҳрисабз туманида содир бўлгани учун ишни туман ИИБ ва прокуратураси ўрганмоқда», — деди Шуҳрат Чориев.

Шаҳрисабз туман ИИБ бошлиғининг маълумот беришича, оила бошлиғи шахсий автомобилида кетаётган пайтда турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва автомобиль эшикларини ёпган. Уч нафар фарзанди, турмуш ўртоғи ва ўзига бензин сепиб, ёқиб юборган.

«Оила бошлиғи Н.С. хотини билан тортишиб қолиб, ўзи ва турмуш ўртоғини ҳамда уч нафар фарзандини ёқиб юборган. Бутун бошли оилага оила бошлиғининг ўзи ўт қўйганини шифохонага олиб келинган ўғли ҳушига келганда айтиб берди. Оила азалдан нотинч бўлган экан. Бу ҳақда шаҳар ИИБ дан маълумот олсангиз бўлади», — деди Олим Тожиев.

«Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг маълумот беришича, оила ҳақиқатан ҳам нотинч оила сифатида рўйхатда турган.

Мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни кунда тергов-суриштирув ишлари кетмоқда.

Aввалроқ Aндижонда эркак оилавий келишмовчилик сабаб хотини ва қизини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Навоийда 9 синф ўқувчиси 5 ёшли қизни пичоқлаб ўлдирган.

Янгиликлар