Андижонда эрини бўғиб ўлдириб, арраланган жасадини ҳожатхонага ташлаган 25 ёшли аёл 10 йилга қамалди
Aндижон вилоятида шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғини бўғиб ўлдирган ва арраланган мурдасини уйининг ҳожатхонасига ташлаб юборган 25 ёшли аёл 10 йилга қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, судланувчи Х.Х. 2019-йилнинг февраль ойида фуқаро М.Қ. билан танишиб, у билан шаръий никоҳдан ўтган ҳолда яшаб келган. 2019 йилнинг 3 май куни чамаси соат 21:00 да эр-хотинига нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар қилиш истагини билдирган. Таклифига рози бўлмаса, уни уйидан ҳайдаб юборишини айтган. Бундай муносабатдан нафратланган Х.Х. эрини қасддан ўлдирмоқчи бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Aндижон вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов «Daryo»га маълум қилишича, Х.Х. уни ўлдиришни осонлаштириш мақсадида унинг таклифига рози эканлигини билдирган. Шундан сўнг Х.Х. эрининг хоҳиши билан дастлаб унинг қўл ва оёқларини оқ рангли бўз матосидан ишланган этак ва синтетик ип билан боғлаган. Оғзини эса рўмол билан боғлаб, унинг устига ўтириб, олдиндан тайёрлаб қўйилган этак матоси билан бўйин соҳасини боғлаб, марҳум қимирлаб, қаршилик кўрсатишига қарамай жони узилгунча бўғган ва ўлдирган.
Эртаси куни жасаднинг ҳиди кела бошлагач, аёл қўшнисидан арра олиб келиб, жасадни арралаб бўлган ва ҳожатхонага ташлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан, суд аёлни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топиб, унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Шунингдек, Х.Х.дан жабрланувчининг вакили Х.Қ. фойдасига 7 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши лозимлигини белгилаган.
Аввалроқ Aндижонда эр хотинининг бошига ёғоч билан уриб, тан жароҳати етказгани, Асакада эр-хотин жанжали оқибатида профилактика инспектори жароҳатлангани ҳамда Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборганиб оқибатда оила аъзоларининг барчаси ҳалок бўлгани маълум қилинганди.