Андижонлик блогерга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан маълумот берилди

Андижонлик блогер Отабек Нуритдиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Қайд этилишича, Facebook ижтимоий тармоғида Андижонлик блогер Отабек Нуритдинов томонидан унга нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида пост қолдирилган. Шунга кўра, Андижон вилояти прокуратураси ташаббуси билан мазкур жиноят иши назорат тартибида ўрганилган.

Аниқланишича, 2020 йил октябрь ойида Абдуфатто Нуритдинов Facebook ижтимоий тармоғида мавжуд бўлган Отабек Нуритдинов номли сахифасида фуқаро Г.Мирзаевани «Маънавий бузуқ аёл» ва шу каби сўзлар билан ҳақоратлаганлиги бўйича 20 ноябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда жиноят процессуал қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги аниқланган. Шу сабабли, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси (Айбсизлик презумпцияси) 3-қисмига мувофиқ Отабек Нуритдиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинди.

Аввалроқ Тошкентда эркак ўзини ҳақорат қилган фуқаро ва уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар