Тошкентда эркак ўзини ҳақорат қилган фуқаро ва уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлади
Тошкент шаҳрида 16 ноябрь куни 28 ёшли эркак жанжал оқибатида ўзидан 10 ёш кичик болани ҳамда уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 16 ноябрь куни 28 ёшли А.М. Сергели тумани Сергели-2 даҳа 36-уйнинг олдида фуқаро 18 ёшли А.Й. уни ҳақорат қилганлиги сабабли ўрталарида жанжал келиб чиққан. Жанжал оқибатида А.М. олдида бўлган ошхона пичоғи билан А.Й.га ҳамда уларни ажратиб, безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган фуқаро 24 ёшли Ш.М.нинг танасини турли жойларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда А.Й. ва Ш.М. тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилган. Кўздан кечириш жараёнида ҳодиса жойидан ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида А.М. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинган.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Санкт-Петербургдаги турар жой мажмуаси қурилишида Ўзбекистон фуқароси ватандошини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди.