Наманганда 2 киши ароқдан заҳарланиб ўлди

Наманган вилоятининг Тўрақурғон туманида 12 нафар фуқаро «Градусник» номли спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги оқибатида ўткир заҳарланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 2020 йил 29–31 декабрь кунлари Наманган вилоятининг Тўрақурғон туманида 12 нафар фуқаро Қирғизистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган «Градусник» номли спиртли ичимлик истеъмол қилганликлари оқибатида шифохонага ўткир захарланиш ташхиси билан ётқизилган.

Таъкидланишича, шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, заҳарланган фуқароларнинг 2 нафари вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 15 киши товуқ гўштидан заҳарлангани хабар қилинганди.