Самарқанд шаҳрида 15 киши товуқ гўштидан заҳарланди

Самарқанд шаҳрида 2020 йилнинг 5 октябрь куни 15 киши товуқ гўштидан заҳарланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг 5 октябрь куни Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилояти филиалига 15 нафар шахс «метгемоглобин ҳосил қилувчи бирикмалардан заҳарланиш» ташхиси билан мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, 5 октябрь куни соат 05:30 атрофида Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган О. Т. хонадонида уй шароитида товуқ гўштидан кабоб тайёрлаган. Шу таомдан ўзи билан бирга яшовчи 10 нафар оила аъзолари: турмуш ўртоғи, фарзандлари, онаси, келинойиси, жиянлари ва шу хонадонда қурилиш ишларини олиб бораётган 5 нафар усталар истеъмол қилган. Бироздан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилгач, тез ёрдамга қўнғироқ қилишган.

Ички ишлар вазирлиги ахборотига кўра, уларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаш ишлари олиб борилган. Ҳозирда тегишли соҳа ходимлари томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда 2 ёшли фарзандини заҳарлаб, 8 ёшли ўгай ўғлини мунтазам қийнаб келган отага жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётганлиги, бироқ хокимият буни рад этганлиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар