Олий мактаб вакиллари Асакадаги «UZAUTO MOTORS» автозаводида меҳмон бўлди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Олий бизнес ва тадбиркорлик мактаби магистратурасининг 30 нафардан зиёд тингловчиси ҳақиқий ишлаб чиқариш шароитидаги чинакам мастер-классда қатнашишга муваффақ бўлишди.

Олий мактаб тингловчилари Асакада UzAuto Motors автомобил заводига ташриф буюришди ва нафақат улкан корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш, балки компания бош директори Бо Андерссон билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

«Биз ва бизнинг тингловчиларимиз учун компания бош ижрочи директори билан учрашиш жуда фойдали ва қизиқ бўлди, чунки «Бо Андерссон кейси»ни биз маърузаларда Олий мактабимиз тингловчилари билан биргаликда муҳокама қиламиз», — таъкидлади иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Дилмурод Суюнов. У, шунингдек, компания вакиллари ва Узавтосаноат раҳбариятига қабул ва учрашувни ташкиллаштиргани учун миннатдорлик билдирди.

Албатта, заводга хавфсизлик техникаси бўйича кўрсатмаларсиз ташриф буюриб бўлмайди, ундан сўнг эса тингловчи ва ўқитувчилар катта қизиқиш билан автозавод бош директори билан суҳбатлашди. Муҳокамада логистика, маҳаллийлаштириш, сифат, таннархни пасайтириш, ишлаб чиқаришда KPI тизимининг жорий этилиши ва, албатта, режадаги Chevrolet Tracker-2 ва Chevrolet Onix автомобилларининг сотувга чиқарилиши каби турли мавзуларга тўхталиб ўтилди.

Меҳмонлар компания раҳбари билан кечгача суҳбатлашишга тайёр бўлишса-да, цех ва корхоналарга ташриф буюриб, автомобил йиғиш жараёнларини ўз кўзлари билан кузатишни ҳам хоҳлашарди. Эътиборлиси, автомобил йиғиш линиясининг сўнгида Олий мактаб тингловчиларини «UzAuto Motors» АЖнинг сифат бўйича директори Андрей Солдатов билан яна бир қизиқарли учрашув кутаётган эди.

«Биз одатда кўчада кўрадиган автомобиллар шу ерда йиғилади ва ишлаб чиқариш жараёни билан яқинроқ танишиш биз учун жуда қизиқ бўлди», — ўқитувчи ва тингловчиларнинг фикрини баён этди МВА магистри Нилуфар Дадабаева.

Тингловчилар, шунингдек, «UzAuto Motors» заводи учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи ҳамда Асакада ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун ички жиҳозлар ва ўриндиқлар тайёрловчи корхоналар «UZ-DONG YANG Co» МЧЖ ҚК ва «UZ TONG HEUNG Co» АЖ ҚК билан танишишди.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликлар