Ўзбекистонда туман ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги йўлларда видео-фоторадар ўрнатиш ҳуқуқи берилади

Президентнинг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, туман ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги йўлларда видео-фоторадар ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

Қайд этилишича, Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказларида чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича шахсий масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юкланади.

Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман (шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш орқали йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари (кейинги ўринларда – йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари) масъул ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) билан биргаликда икки ой муддатда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилган ҳолда, чорраҳаларда рақамли бошқарув тизимини қуйидаги даврларда жорий қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилайди:

  • 2023 йил якунига қадар пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида;
  • 2024 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида;

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади.

Янгиликлар