Ғиждувонда 2021 йилда 4891 гектар майдонга ғалла экилади

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2021 йилда 4891 гектар майдонга ғалла экилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, туман ҳокими Мурод Умаров иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, янги технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, кузги бошоқли дон экиш учун ерларни тайёрлаш, 2021 йил ғалла ҳосили учун экиладиган майдонларга талаб этиладиган уруғлик дон, азотли ва минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари захираси ва уларни ўз вақтида етказиб бериш, ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларида қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддиларига кўрсатма ва топшириқлар асосида 2021 йил ҳосили учун ғалла экишга ер тайёрлаш кўргазмали семинар ўтказилган.

Фото: Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, туманда 2021 йил ғалла ҳосили учун 4891 гектар майдонда, яъни 1467 гектар очиқ майдонга ҳамда 3424 гектар ғўза қатор ораларида ғалла парваришлаш режалаштирилган. Ҳозирда туманда 14 та ғалла экиш ускунаси мавжуд ва 2 дона «Линкент» русумли юқори унумли ғалла экиш ускунаси «Карвон» ва «Ҳакимжон Оқилжон Муқимжон» фермер хўжаликлари томонидан сотиб олинган.

Фото: Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Бошоқли дон экинларини экишда ҳудуднинг сув, тупроқ иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда навларни жойлаштириш режаси тузиб чиқилган. Навларни жойлаштиришда пишиш муддатига қараб 30 фоиз эртапишар, 50-65 фоиз ўртапишар ва 10-15 фоиз кечпишар навларни жойлаштириш режалаштирилган. Кузги ғалла экиш ишлари олдидан ерга фосфорли ва калийли ўғитлар бериш учун «Қишлоқхўжаликкимё» акциядорлик жамиятига қарашли минерал ўғит тарқатиш шохобчаларида белгиланган фосфорли ва калийли ўғитлар заҳираси яратиш вазифаси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрихонда 2021 йил ҳосили учун ғалла экиш ишларини ташкил этиш бўйича семинар ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Булоқбошида бошоқли дон экиш ишларини олиб бориш юзасидан семинар ташкил этилгани маълум қилинди.

Янгиликлар