Самарқандда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари таъмирланди

Самарқанд вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. Бу ҳақда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси «Zar News»га маълум қилган.

Қайд этилишича, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан вилоятдаги истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришга ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилмоқда. 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 2156,3 километр масофада (77,9 фоиз) электр узатиш тармоқлари ва 648 дона (82,2 фоиз) трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланди.

Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига электр ускуна ва тармоқларни тайёрлаш мақсадида 5 534,0 километр масофада электр узатиш тармоқлари ва 1 575 дона трансформатор пунктларида таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 4 320,3 километр (77,1 фоиз) масофада электр узатиш тармоқлари ва 1 257 дона (79,8 фоиз) трансформатор пунктлари жорий таъмирланди ва ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, электр узатиш тармоқлари бўйича режа асосида жами 381,1 километр масофада электр тармоғи қурилиши режалаштирилиб, амалда 283,9 километр масофада тармоқ қурилди.

Бундан ташқари, вилоят бўйича 272 дона трансформатор пунктлари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бугунгача 225 дона трансформатор ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоятдаги нимстанцияларда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани ҳамда Пахтаобод туманидаги «Қайр» МФЙга 1,5 километр узунликдаги 10/0,4 киловатт кучланишли ҳаво тармоқлари, 30 дона янги темир-бетон таянч ўрнатиш ишларини амалга ошириш режалаштирилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар