Қўрғонтепада машинаси хатланган ота фарзандларига 30 млн сўм алимент тўлаб берди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 2 нафар вояга етмаган фарзандининг алимент пулини тўламай келган ота, машинаси хатлангач 30 миллион сўм тўлаб берди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Қўрғонтепа туманлараро судининг 2017 йил 19 июлдаги суд буйруғига асосан қарздор М.Журабоевдан ундирувчи М.Нурмухамедова фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзанди учун даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш кўрсатилган. Бўлим ходимлари томонидан қарздор М.Журабоев алимент тўловларини тўлаши юзасидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлсада, бироқ ота ўз фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган.

Шу сабабли, ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 18 август куни қарздор М.Журабоевга тегишли «Matiz» русумли автомашина хатлаб қўйилган ҳамда 36 705 715 минг сўмга баҳоланиб, давлат ижрочисининг қарорига асосан 2020 йил 9 сентябрь куни электрон онлайн-аукцион савдосига сотувга қўйилган. Шундан сўнг, қарздор М.Журабоев 2020 йил 26 сентябрь куни фарзандлари учун 30 миллион сўм миқдорида алимент пулларини тўлаб берган.

Шунингдек, тушунтириш ишлари натижасида тарафлар ўзаро келишганлиги сабабли, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддаси 1-бандига мувофиқ ижро иши тамомланган.

Аввалроқ Косонсойда алимент тўламаган отадан 12 миллион сўм ундирилгани, Зарафшонда саккиз йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар