Абдулла Арипов Қирғизистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 5 ноябрь, пайшанба куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаевни қабул қилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизматига таяниб, ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида Абдулла Арипов Қирғизистон билан ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлашда эришилган келишувларни биргаликда амалга ошириш муҳим эканини таъкидлаган.
Бундан ташқари, учрашув давомида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокома қилинган. Шунингдек, пандемиянинг икки томонлама алоқаларга салбий оқибатларини бартараф этиш масалалари кўриб чиқилган.
Бундан аввал Абдулла Арипов Душанбеда Тожикистон президенти билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Абдулла Арипов Россия бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум қилинган.