Ўзбекистон Қуролли Кучлари штатида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг неча фоизи янгилангани маълум бўлди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда Қуролли Кучлари штатида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоизи янгилангани маълум бўлди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, 3 декабрь куни Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда Мудофаа вазирининг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва ҳарбий қурилишини ривожлантириш ҳамда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида бажарилган вазифалар ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилган.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси асоси ҳисобланган «Сафарбарлик» электрон маълумотлар базаси барпо этилган.

Мазкур тизимни самарали фаолият юритиши учун Ўзбекистоннинг 14 та Мудофаа ишлари бошқармаси ва 201 та мудофаа ишлари бўлимига 228 километр оптик толали алоқа кабеллар ётқизилиб, замонавий ахборот-коммуникация қурилмалари ҳамда технологиялари билан жиҳозланган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Натижада «Сафарбарлик» электрон маълумотлар базаси Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» ва «Хорижга чиқиш паспорти» ахборот тизимлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграция қилинган. Сўнгги йилларда қўшинларни янги қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлаш ишлари олиб борилиши натижасида штатда мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоиз янгиланган.

Мажлисда 2020 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида бажарилиши лозим булган айрим топшириқларнинг ижроси тўлақонли бажарилмагани таъкидланган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Аввалроқ Самарқандда «Сазаган» полигонида ҳарбий тактик кўргазма бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Нукусда «Ўз касбининг энг илғор устаси» танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлгани ҳақида хабар берилган.