Фоторепортаж: Нукусда «Ўз касбининг энг илғор устаси» танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди
Нукусда «Ўз касбининг энг илғор устаси» танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Қуролли Кучларда ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш, соҳа бўйича мукаммал билим ва кўникмаларни шакллантириш, тажриба ва маҳоратни рағбатлантириш мақсадида «Мен ғолиб!» шиори остида қатор мусобақалар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғига мувофиқ ҳарбийча анаъана сифатида «Ўз касбининг энг илғор устаси» танлови ҳам ўтказиб келинмоқда. У ҳарбий хизматчиларда етакчилик қобилиятларни шакллантиришга, улар ўртасида энг муносибларни аниқлашга ҳамда устоз-шогирд анъаналарининг давом этишига сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг базасида «Ўз касбининг энг илғор устаси» танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтган.
Танловда биринчи босқичда муваффақият қозонган батальон, взвод, гуруҳ командирлари иштирок этиб, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари давомида эгаллаган билим ва кўникмаларини намойиш этган. Шунингдек, танловнинг «Энг илғор сержант» номинацияси бўйича сержантлар тоифасидаги 20 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашган.
Шунингдек ушбу танловда умумқўшин, артиллерия, разведка, қуруқликдаги қўшинлар ҳаво-ҳужумидан мудофаа, муҳандислик, алоқа ҳамда радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза бўлинмаларининг офицер ва сержантлари иштирок этган.
Танлов шартларига кўра, иштирокчилар назарий саволлардан иборат бўлган мутахассислик бўйича тест саволларига жавоб бериши, шунингдек, тактик, отиш, техник ва жисмоний тайёргарликлар бўйича амалда меъёрларни бажаришлари белгиланган. Танлов шартлари бўйича баҳслар ҳарбий қисм ҳамда «Нукус» дала-ўқув майдонида ўтказилган.
Умумий балларнинг ҳисобига кўра энг юқори кўрсаткичга эришган мутахассислар танловнинг 3-босқичида, яъни Мудофаа вазирлиги кўшинлари миқёсида ўтказиладиган финалда иштирок этиб, ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилади.
Маълумот учун, Шарқий ҳарбий округда Сардобадаги офатга қарши курашда ёрдам берган 250 дан ортиқ ҳарбий тақдирланган.
Аввалроқ Москвадаги ҳарбий мусобақа ўйинларида ўзбекистонликлар иштирокидаги баҳслар қачон ўтказилиши маълум бўлганди. Кейинчалик Самарқанддаги «Сазаган» дала-ўқув майдонида «Энг илғор мутахассис» танлови ва Қўқонда «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик ишлари бошлангани ҳамда халқаро ўйинларнинг «Йўл патрули» мусобақаси иштирокчилари Қўқонга боргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг «АрМИ—2020» иштирокчилари Фарғона ва Наманганда бўлган.
Бундан ташқари, Қўқонда «АрМИ—2020» ўйинларининг «Йўл патрули» беллашувига старт берилгани ва баҳсларининг очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳамда мусобақада якка тартибдаги пойгалар ўтказилгани маълум қилинган.