Қўқонда «Йўл патрули» мусобақасида якка тартибдаги пойгалар ўтказилди (фото)
Қўқон шаҳрида ўтказилаётган «Йўл патрули» мусобақасининг якка тартибда пойга шарти якунланди. Бу ҳақда Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълумотларга кўра, унда ҳар бир жамоадан 3 нафар иштирокчи имкониятларини синовдан ўтказди. Мазкур босқич шартига кўра, иштирокчи старт чизиғидан ҳаракатланиб, икки айланани босиб ўтди.
Қатнашчилардан катта тезликда қияликдан ўтиш ва нишабликда стоп белгисида тўхтаб, орқага ҳаракатланмаган ҳолда юришни давом эттириш талаб этилди. Майдончага етиб борган иштирокчи дастлабки айланада Макаров пистолетидан 50 метр масофадаги 3 та нишонни мўлжалга олди. Ёпилмаган ҳар бир нишон учун бир жарима айланаси белгиланиб, шартда хатога йўл қўйган ҳарбий хизматчи ҳар бир хато учун бир километрлик қўшимча масофани босиб ўтди, дейилади хабарда.
Отишни тамомлаган қатнашчи айлана давомида биринчи шартли беморга тиббий ёрдам кўрсатиш, баландлик, темир йўл кесишмаси олдида ҳаракатланиш, махсус қисқа йўлакларда автомобилни экстремал бошқарув маҳорати намойиш этилди. Иккинчи айланада отиш майдончасида автоматдан нишонларни ёпиш ва шартли ёнғинни бартараф этиш меъёрлари бажарилди.
Мазкур шартда Ўзбекистон, Беларусь ва Россиянинг ҳар бир иштирокчиси ўзаро беллашди.
Умумий натижаларга кўра, барча совринли ўринлар Ўзбекистон шарафини ҳимоя этаётган биринчи жамоа вакилларига насиб этди. Шартли беморга тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғинни бартараф этиш ва отиш машқларини бехато бажарган сержант Фарҳод Мусаев 10 дақиқа 42,67 сония вақт билан етиб келиб, биринчи ўринни эгаллади. Сержант Сиддиқ Аъзамов ғолибдан 22,96 сония ортда қолди ва иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Шунингдек, 32,26 сония ортда капитан Мансуржон Акобиров учинчи натижани кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув марказида 21 август куни «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик жараёнлари бошланганди. 22 август куни ушбу мусобақанинг кўргазмали чиқиши бўлиб ўтди. 25 август куни «Йўл патрули» баҳсларига расман старт берилди.