Самарқанддаги «Сазаган» дала-ўқув майдонида «Энг илғор мутахассис» танлови бошланди (фото)
Самарқанддаги Марказий ҳарбий округнинг «Сазаган» дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларида «Мен ғолиб» шиори остида ўтказиладиган «Энг илғор мутахассис» армия ўйинлари бошланди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, армия ўйинларининг очилиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати, фахрийлар, ёшлар ҳамда мусобақада иштирок этувчи барча округ жамоалари қатнашган.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Aйбек Саидов Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилиши муносабати билан «Сазаган» ва «Каттақўрғон» дала-ўқув майдонларида ўтказиладиган армия ўйинларини фуқаролар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда кузатиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтган.
«Энг илғор мутахассис» армия ўйинларинин иштирокчилари дастлаб тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик баҳсларига жалб этилган. «Сазаган» дала-ўқув майдонида ўтказиладиган ушбу танловда иштирокчилар «Энг илғор мерган», «Энг илғор пулемётчи», «Энг илғор гранатомётчи» ҳамда «Энг илғор AГС ва СПГ-9 ҳисоблари» мутахассислиги бўйича беллашиши режалаштирилган.
Маълумот учун, бугун Тошкент ҳарбий округи «Чирчиқ» дала-ўқув майдони ва Марказий ҳарбий округ «Каттақўрғон» полигонида «Мен ғолиб» шиори остида ўтказилаётган «Энг илғор мутахассис» армия ўйинларига ҳам старт берилган.
Aввалроқ Қўқон шаҳри ва Жиззах вилоятида ўтказиладиган «AРМИ – 2020» халқаро армия мусобақаларида иштирок этиш учун Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари Ўзбекистонга етиб келгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Москвадаги ҳарбий мусобақа ўйинларида ўзбекистонликлар иштирокидаги баҳслар қачон ўтказилиши маълум бўлди.