Фоторепортаж: «АрМИ—2020» иштирокчилари Фарғона ва Наманганда бўлди
Фарғона халқаро аэропортида 2020 йил 15 август куни «AрМИ—2020» мусобақасининг «Йўл патрули» йўналишида иштирок этадиган Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари кутиб олингани маълум қилинганди. Хорижий давлатлардан келган ҳарбийлар Фарғона ҳамда Наманган вилоятларининг диққатга сазовор жойларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Tez News»га маълум қилди.
Дастлаб хориж делегация вакиллари Ўзбекистон ҳарбийлари билан Қўқон амалий санъат музейида бўлишган. Ҳозирги кунда шаҳар санъат музейига айлантирилган тарихий обидани кўздан кечириш жараёнида масжид айвони, асосий минора билан биргаликда 99 устуни ҳамда «Қуръон»нинг 114 сурасига қиёслаб қурилган тўртбурчак шифтлари меҳмонларда қизиқиш уйғотган. Шунингдек, тарихий мажмуада улар миллий атлас, адрас тўқимачилик дастгоҳи, ёғоч ва темир буюмларга ишлов бериш иш жараёнини кузатишган.
Шундан сўнг «Йўл патрули» мусобақаси иштирокчилари учун Чодакдаги «Она кўзёши» зиёратгоҳи ва Чуст ҳунармандчилик устахоналари бўйлаб саёҳат уюштирилган.
Аввалроқ Москвадаги ҳарбий мусобақа ўйинларида ўзбекистонликлар иштирокидаги баҳслар қачон ўтказилиши маълум бўлганди. Кейинчалик Самарқанддаги «Сазаган» дала-ўқув майдонида «Энг илғор мутахассис» танлови ва Қўқонда «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик ишлари бошлангани ҳамда халқаро ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақаси иштирокчилари Қўқонга боргани ҳақида хабар берилганди.