Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган туман ҳокимларига ҳайфсан берилди

Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган Чортоқ, Учқўрғон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Урганч туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда 4 декабрь куни бўлиб ўтган oдам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишиди айтиб ўтилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, йиғилишда 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги таҳлил қилинган.

Қайд этилишича, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ва блогерлардан иборат 13 та, Давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилган. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча туманларидаги 5861 та объектда ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 миллион 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланган.

«Мажбурий меҳнатга шароит яратиб берилганлиги учун 5 та туман ҳокимига чора кўриш бўйича киритилган таклифларимиз қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан Чортоқ, Учқўрғон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Урганч туман ҳокимларига ҳайфсан берилди ва ушбу ҳолат яна такрорланадиган бўлса, эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилди», — дейди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.

Хабарга кўра, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш) асосан жавобгарликка тортилган ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этилган 320 нафардан ортиқ фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда банк ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб этилмаганлиги ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар