«UzAuto Motors»га нисбатан қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилинди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «UzAuto Motors» АЖда «Рақобат тўғрисида»ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган текширув натижасида қўзғатилган иш «UzAuto Motors» АЖ вакиллари иштирокида видеоконференцалоқа тарзида кўриб чиқилди. Текшириш жараёнида бир қанча қонун бузилиш аломатлари аниқланди, деб ёзади депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида.
Депутатнинг сўзларига кўра, «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг амалдаги нархларини шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритганлиги сабабли монопол юқори нарх қўлланилиши аломатлари аниқланган. Бунда:
Биринчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда нормаланадиган харажатларни, яъни бутловчи қисм ва материаллар нархини ошириб киритиш;
Иккинчидан, жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда ўтган йилнинг 9 ойлик ҳисобот кўрсаткичларини инобатга олиш оқибатида нормаланмайдиган харажатларнинг ошиши;
Учинчидан, Жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда реклама харажати ва бошқа харажатлар асоссиз киритилишининг нархга таъсири;
Тўртинчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда кредитга боғлиқ харажатларнинг нотўғри киритилиши каби омиллар нарх юқори шаклланишига сабаб бўлган, деб ёзади депутат.
Бундан ташқари, енгил автомобилларни истеъмолчиларга реализация қилишда айрим дилерларга бошқаларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёз ва енгилликларни бериш, янги ташкил этилаётган дилерлар билан шартнома тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўйиш каби ҳолатларни содир этиш аломатлари аниқланган. Бу қисқа муддатда сотилган автомобилларнинг аксарият қисми кам сонли айрим дилерлар орқали сотилишига сабаб бўлган.
«Яна бир масала: ‘UzAuto Motors’ АЖ янги ташкил этилаётган дилерлик марказлари билан тузиладиган дилерлик шартномасига 10 миллиард сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини киритган бўлиб, бироқ шу кунга қадар амалда ишлаб турган дилерлик марказлари билан тузилган шартномаларда бундай шартлар мавжуд эмас. Бу, ўз ўрнида, янги иштирокчиларнинг ‘бозор’га кириб келишида сунъий тўсиқ пайдо қилган.
Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотишни ‘UzAuto Motors’ АЖ ўз таъсисчилигидаги ‘Autosanoat Invest’ МЧЖ орқали амалга ошириш тизимини шакллантирган. Бунда бошқа дилерлар тўғридан тўғри бу ишни амалга ошира олмай, сунъий тўсиқ қўйилган», — дейди Расул Кушербаев.
«Бу ҳолатлар атрофлича муҳокама этилди. Ва кутилганидек, ‘UzAuto Motors’ АЖ бу важларни тан олмай, қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига тааллуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди. Шу сабабли ишни кўришни яқин кунларда давом эттиришга қарор қилинди», — дея қўшимча қилади депутат.
Муҳокамада Монополияга қарши кураш қўмитаси томонидан иш бўйича махсус комиссияси қарор қабул қилганидан сўнг натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Ўзбекнефтгаз»ни, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни ва электр тармоқларини жиддий танқид қилгани, кейинчалик «UzAuto Motors» компанияси депутат Расул Кушербаевнинг айбловларига муносабат билдиргани ҳамда компанияга нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.