Тошкентда фуқарони 6 минг долларга ўқишга киритмоқчи бўлган институт ўқитувчиси ушланди

Тошкент шаҳрида ўқишга киритиб қўйиш эвазига пул сўраган шахс ушланди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда З.И. исмли шахс фуқаро Ғ.нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 7,5 минг доллар олган вақтида ушланган. Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, ушбу институт катта ўқитувчиси Б.М. фуқаро З.И.дан 6 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда З.Ў. исмли шахс фуқаро И.нинг қўшни Қирғизистон университетидаги ўқишини 1,5 минг долларга Фарғона давлат университетига кўчириб беришни ваъда қилгани аниқланган. У келишилган пулдан 1 000 АҚШ долларини қўлга киритиб, қолган 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.