Жондорда 11 млрд сўмдан ортиқ инвестиция киритиладиган кичик саноат зонаси ташкил этилади

Бухоро вилояти Жондор туманида 4,3 гектар майдонда 11 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритиладиган кичик саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кичик саноат зонасини ташкил қилиш мақсадида тумандаги «Работ» МФЙ ҳудудида 4,3 гектар ер майдони танланган. Ушбу майдон Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 19-майдаги «Республикада мавжуд ва янги ташкил этилаётган кичик саноат зоналарини зарур йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисида»ги 24-сонли йиғилиш баёнига асосан қўшимча ўрганиш талаб этиладиган бўш ер майдонлари рўйхатига киритилган.

Соҳа мутахассислари томонидан танланган ер майдонида ўрганиш ишлари ўтказилган ҳамда ижобий хулоса берилган. Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлигининг қарори кутилмоқда.

Қайд этилишича, танланган ер майдонини коммуникация тармоғига улаш учун 0,5 километр табиий газ тармоғи, 0,7 километр электр тармоғи, табиий газни бошқариш мосламаси, 1,8 километр автомобиль йўли, трансформатор ҳамда сув минораси ўрнатишга жами 3,9 миллиард сўм маблағ сарф қилиниши режалаштирилган.

Ташкил қилинадиган кичик саноат зонасида 5 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши учун 11,3 миллиард сўм инвестиция киритилади ва 54 та янги иш ўрини яратилади.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Истам Юсупов ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида соҳа вакиллари билан учрашган ва уларга ўзининг тегишли кўрсатмаларини берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Aндижонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ромитан туманида «Туризм маҳалласи» ташкил этилаётгани ҳақида хабар берилди.

Янгиликлар