Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади.

«Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз»,—дейилади вазирлик баёнотида.

Бундан аввал Бишкекда намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олгани ва собиқ президент Атамбоев қамоқдан озод қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун чегараларини ёпганини маълум қилди.

Янгиликлар