Паркент ҳокимининг ўғлидан «Captiva» сотиб олишида коррупцияга йўл қўйгани аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 6 октябрь Паркент тумани ҳокимлиги «Captiva» автомашинасини ҳокимнинг ўғли муассислар рўйхатида бўлган компаниядан сотиб олишида коррупцияга йўл қўйиш аломатлари аниқланганлигини маълум қилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлигининг «Mega Karer» МЧЖдан «Captiva» автомашинаси сотиб олинганлиги ҳолати юзасидан Бош прокуратурага терговга қадар текширув ўтказиш бўйича сўров юборилган.
Ушбу масала юзасидан прокуратура идоралари томонидан Паркент туман ҳокимининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув тадбирлари ўтказилган. Текширишлар давомида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаби бузилгани, хусусан, автомашина сотиб олишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган.
Натижада туман ҳокимининг автомашина сотиб олиш тўғрисидаги фармойиши бекор қилинган ва «Mega Karer» МЧЖ томонидан 260 миллион сўм пул маблағлари туман ҳокимлиги ҳисоб рақамига қайтариб, ўтказиб берилган. Ҳозирда Тошкент вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом этмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги «Mega Karer» МЧЖдан «Captiva» русумли автомобиль 260 миллион сўмга сотиб олингани, сотувчи ва сотиб олувчи мансабдор шахс яқин қариндошлик алоқаларига эга экани ҳақида маълумот тарқалганди.
Кейинчалик, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматини ҳақиқатдан ҳам Паркент тумани ҳокимлиги «Captiva» автомобили харид қилган ва воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканлигини тасдиқлаган.