Олмалиқ ҳокимининг ўғли 150 км/соат тезликда машина ҳайдаган видеосини TikTok’га жойлади. Ҳоким бунга «анча бўлган»ини айтди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов Тошкентда 150 км/соат тезликда машина ҳайдаб, видеосини TikTok’га жойлади. Шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов бунга «анча бўлган»ини айтди.

TikTok тармоғидаги Dilshod_550 номли фойдаланувчи Тошкент шаҳри бўйлаб автомобилда катта тезликда машина ҳайдаган. Ушбу жараён акс этган видеони тармоқдаги саҳифасига жойлаган. Видео интернетда тарқалгач, ушбу ҳайдовчи Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ўғли экани маълум бўлган.

Фото: Instagram

Маълум бўлишича, Исмоилов Дилшод Усмон ўғли ўзининг TikTok’даги саҳифасига бундай катта тезликда машина ҳайдагани ҳақидаги видеолар қўйиб боради. Жаримага тортилганида эса унинг қоғозларини жойлайди.

«Потенциал қотил, Дилшод исмли 01К550ХА рақамли автомашина ҳайдовчиси, жарималарни йиғади ва уларни TikTok’да ғурур билан намойиш этади. Қизиқ, у кимнинг фарзанди экан-а?» — деб ёзади блогер Никита Макаренко.

«Kun.uz»нинг Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловга таяниб маълум қилишича, Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов видеодаги ҳайдовчи унинг фарзанди эканини тасдиқлаган. Бироқ тармоққа жойланган бу видеоларга «анча вақт бўлган»ини айтган.

«Gazeta.uz» ушбу ҳолат бўйича Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимов билан боғланган. Ҳоким видеода акс этган воқеа 4—5 ой олдин содир бўлганини айтган.

«Ўшанда у бунинг учун жаримага тортилганди. Тезликни оширгани учун мен унга рулга ўтиришни тақиқладим. У 3—4 ойдан буён автомобиль бошқармаяпти. Машина ‘Tracker’ эди, ‘Mercedes-Benz’ эмас. Шунчаки машинага ‘Mercedes-Benz’нинг рули ўрнатилганди. ‘Tracker’ машинаси ‘Нурафшон Автоцентр’ автосалонидан кредитга олинганди, ҳозирча машина қийматининг ярми тўланган. Биз машинани сотмоқчи эдик, бироқ тўланмаган кредит сабабли бу ишни қила олмадик», — дея маълум қилган шаҳар ҳокими.

Ҳокимнинг айтишича, машина Дилшод Исмоилов кичик укасини Тошкентга ўқишга олиб бориб келиши учун кредитга олинган эди. Ҳозирги кунда автомобилни ишончнома асосида Ғайрат Бакдавлетов бошқармоқда.

«Ўғлимнинг ҳаракати, албатта, нотўғри. Билмадим, балки мен нотўғри тарбия бердимми? Мен бирор марта сўкмаганман, унга қўл кўтармаганман. Бизнинг оиламизда ҳеч ким ичмайди, чекмайди. Мен юзага келган вазиятдан жуда афсусдаман. Ўзим Олмалиқ ҳокими бўлиб ишлайман. Оилам билан кўришиш учун ҳафтада бир марта уйга бораман. Ўғлим чекмайди, ичмайди. Тан оламан, у тезликни оширган, шунинг учун энди рулга ўтирмаяпти», — деб таъкидлаган Усмон Раҳимов.

Аввалроқ Хонанда Муниса Ризаева Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизи 19 ёшга тўлиши муносабати билан 16 август куни ташкил этилган туғилган кун тантанасида хизматда бўлгани ҳақида хабар берилган эди.