Йўл ҳаракати қоидаларини бузган видеосини TikTok’га жойлаган Олмалиқ ҳокимининг ўғли жаримага тортилди

Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани тасвирланган видеони TikTok’даги саҳифасига жойлаган Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Tracker» русумли автомобиль ҳайдовчиси 20 ёшли Исмоилов Дилшод Усмон ўғлига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Тузилган баённомага кўра, ҳайдовчи Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси бўйлаб автомашинани юқори тезликда бошқариб, йўл транспорт ҳодисаси содир этилиши мумкин бўлган ҳолатни юзага келтирган (видеога туширилган ҳолат) ва шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) иккинчи қисмига мувофиқ жарима жазоси тайинланган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланган).

«Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидалари сизнинг ҳаётингиз ва соғлиғингизни асраш ниятида жорий этилган. Қоидалар менсимасдан, қоидабузарликларингизни ижтимоий тармоқларда намойиш этишингиз билан ёшларга ёмон ўрнак бўлмоқдасиз — бу эса жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўз соғлиғингизни асранг. Йўл — ўйингоҳ эмас», — дейилади ИИББ хабарида.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Aввалроқ Олмалиқ ҳокимининг ўғли 150 км/соат тезликда машина ҳайдаган видеосини TikTok’га жойлагани хабар қилинганди.

Янгиликлар