ПИИMA директори Сарвар Бобохўжаев Қоракўлдаги халқаро математика мактаби фаолияти билан танишди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.

Таъкидланишича, Сарвар Бобохўжаев халқаро математика мактабига ташрифи давомида мазкур ўқув муассасаси фаолияти билан танишди ва агентлик тизимига кирувчи мактаблар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича фикр билдирди. Мазкур ҳамкорлик агентлик тизимига кирувчи мактабларда математика фанини ўқитишни янада такомиллаштириш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш имкониятини яратади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги қарори билан мазкур таълим муассасасига «Халқаро математика мактаби» мақоми берилган. Мактаб битирувчиларининг 95 фоизи олий ўқув юртига ўқишга кирмоқда. Турли олимпиадалар, яъни вилоят, республика ва халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Таъкидланишича, 2020/2021 ўқув йилидан Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ва халқаро математика мактаби бир неча йўналишда ҳамкорлик қилишни бошлайди. 2020 йил октябрнинг сўнгги ҳафтасида Қоракўл мактаби маъмуриятининг Президент мактабига ташрифи кутилмоқда. Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилининг иккинчи чорагидан Қоракўл мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчи ва Президент мактабининг хорижий ўқитувчилари ўзаро тажриба алмашишлари учун шароит яратиб бериш мақсадида онлайн дарс ва тренинглар ташкиллаштириш, халқаро олимпиадаларда совринли ўринларни эгаллаб келаётган ўқувчилар ўртасида ҳам мулоқотни йўлга қўйиш режалаштирилган. Келажакда бундай ҳамкорлик алоқалари агентлик тизимига кирувчи бошқа мактаб муассасалари билан ҳам ўрнатилиши режалаштирилган.

«Қоракўл мактаби математика фанини ўқитиш ва мазкур фан бўйича халқаро олимпиадаларга ўқивчиларни тайёрлаш бўйича катта тажрибага эга. Бизнинг тизимда мактаблар фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади ва Халқаро математика мактабининг тажрибаси уларга фаолиятларини янада такомиллаштиришга имконият яратади», — деди агентлик директори Сарвар Бобохўжаев.

Aввалроқ Қўқон шаҳар ҳокими 1-БЎСМдаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги ишлар билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар