Қўқон шаҳар ҳокими 1-БЎСМдаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги ишлар билан танишди (фото)
Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ҳокими мутасадди идоралар вакиллари иштирокида 1-БЎСМдаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги ишларни кўздан кечирди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қўқон шаҳар ҳокими мутасадди идоралар вакиллари иштирокида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирган. Марказда кислород қурилмалари интенсив даволаш палаталаридаги Бобров ускуналарига уланиб, синовдан ўтказилган. Баланд интенсив даволаш залида қишки мавсумда илиқ ҳароратни сақлаш мақсадида қўшимча шифт қопламасини ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Залда ҳаво айланишини таъминлаш учун филтрлик вентиляция ускуналари ўрнатилган.
Тиббий хизматчилар хоналарига эса қўшимча эшиклар ўрнатилмоқда. Улар учун компютер тўпламлари ҳам келтирилган. Айни пайтда интернет тизимини созлаш ишлари кетмоқда. Реанимация бўлимида ётоқларга постел буюмлари тўшалмоқда. Марказнинг кириш-чиқиш қисмларида дезинфекцион мосламалар учун қўшимча профил қурилмаларни ўрнатиш ишлари ниҳояланмоқда.
Марказда 24 соат давомида ишлайдиган кузатув камералари ҳам ўрнатилмоқда. Шунингдек, 3 октябрь куни марказга дори-дармон ва бошқа иккиламчи тиббий маҳсулотлар келтирилган. Қўқон шаҳар ҳокими мутасадди раҳбарлар ва пудратчиларга ишларни белгиланган вақт доирасида сифатли қилиб бажариш бўйича кўрсатмалар берган.
Aввалроқ Бухоро ҳокими Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби қурилиш жараёни билан танишгани ҳақида хабар берилганди.