Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга ошириш учун рухсат олди

Россия авиакомпаниялари 24 та мамлакатга доимий парвозларни амалга ошириш учун рухсат берилди. Федерал ҳаво транспорти агентлиги бу ҳақида тегишли буйруқ чиқарди.

Фото: «RIA Novosti»

Маълум қилинишича, авиакомпаниялар Беларусь, Буюк Британия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Малдив ороллари, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Танзания каби мамлакатларга доимий парвозларни амалга ошириш учун рухсат олган. Хусусан, чегаралари ёпиқ мамлакатлар орасида Озарбайжон, Арманистон, Германия, Греция, Исроил, Испания, Италия, Кипр, Хитой, Малта, Нидерландия, Саудия Арабистони, Туркманистон, Чехия, Ўзбекистон каби давлатларга парвозларни амалга оширишга рухсат берилган.

Федерал ҳаво транспорти агентлиги вакилининг таъкидлашича, ушбу ҳужжат мунтазам ҳаво қатновини тиклашни англатмайди. Бунинг учун иккинчи томоннинг ҳам розилиги керак.

Россия транспорт вазирлиги душанба куни Федерал ҳаво транспорти агентлиги хорижий ҳокимият билан рейсларни тиклаш, парвозларни қисқартириш ёки парвозларни тўхтатиш тўғрисида музокаралар олиб бораётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Россия коронавирус тарқалиши муносабати билан март ойининг охирида бошқа мамлакатларга мунтазам ва чартер йўловчи рейсларини ёпган. Кейинчалик чекловлар аста-секин олиб ташлана бошлаган.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Москвадан 5—10 октябрь кунлари Ўзбекистон вилоятларига репатриация қатнови амалга оширилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаши ва 20 сентябрдан барча халқаро қатновлар тикланиши маълум қилинганди.

Янгиликлар