Ўзбекистонда 20 сентябрдан барча халқаро қатновлар тикланади

Ўзбекистонда 20 сентябрдан мамлакатга авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириш-чиқишга рухсат берилади. Бу ҳақда «Tez News» манбалари хабар берди.

Маълум қилинишича, мамлакат аэропортлари, темир йўл станциялари ва чегара пунктларида шахслар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши бўйича жорий этилган барча чекловлар бекор қилинади.

Қайд этилишича, 20 сентябрдан Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар санитария қоидаларига риоя этиб, коронавирус инфекциясига экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунлик уй карантинига юборилади.

Мамлакатга келаётган туристлар «қизил» ва «сариқ» ҳудудлардан кириб келаётган бўлса, 14 кунлик уй карантинида сақлаш бўйича чеклов қўлланилмайди ҳамда Ўзбекистонга киришда коронавирус инфекциясига экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтказилмайди. Ўзбекистонга кириш вақтида коронавируснинг аломатлари мавжуд бўлганда турист чегарадан ўтказиш пункти ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирусга текширувдан ўтиш учун намуна топширади ва тест натижалари мусбат чиқса, ўз ҳисобидан карантинга олиниб, даволанади ёки ўз мамлакатига қайтади.

«Uzbekistan airpots» ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари бир ҳафта муддатда хориждан келувчи ёки хорижга кетувчи йўловчиларни коронавирусга экспресс-тест ёки антиген текширувларидан ўтказиш учун халқаро аэропорт ва вокзаллар ҳудудида фаолият юритиш учун махсус клиника ёки лабараториялар билан шартнома тузиш чоралари кўриши қайд этилган. Мазкур текширувлар халқаро аэропорт ва вокзаллар ҳудудида бепул асосда жойлаштирилиши белгиланган.

Аввалроқ карантин даврида Ўзбекистондан хорижга кимлар чиқа олиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистон мунтазам халқаро қатновларни босқичма-босқич тиклаши маълум қилинди.

Сўнгра Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича ҳамда 11 сентябрдан Қозоғистонга ва 14 сентябрдан Қирғизистонга мунтазам авиановлари қайта тиклади. Шунингдек, мутахассис Ўзбекистондан Россияга мунтазам қатновларнинг йўқлиги чартер рейслардан бизнес қилиняпти дегани эмаслигни таъкидлаганди.

Янгиликлар