«Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси коронавирус оқибатида вафот этди

Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси коронавирус оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 29 сентябрь куни Отабек Қудратов вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказига ўта оғир аҳволда ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига ҳам олинган. Диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус инфекцияси аниқланган.

Унда COVID 19 оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги турғун зўриқиш стенокардияси, синусли тахикардия, қандли диабет, семизлик 3 даражаси бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, даволаниш давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Мутахассисларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Отабек Қудратов 2014 йил 24 январда Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси этиб тайинланган. Шунингдек, Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро автомобиль мактаби бошлиғи ўринбосари (2005—2011), Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси ўринбосари (2011—2014) лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўрғон туман прокурори Ойбек Хўжаев, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов, Норин туман ИИБ маёри Дилшод Бобоев вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар