Норин тумани ИИБ маёри Дилшод Бобоев 39 ёшида вафот этди

Норин тумани Ички ишлар бошқармаси Ташкилий бўлинма бошлиғи маёр Дилшод Бобоев 6 август куни 39 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Дилшод Бобоев 21 июль куни икки томонлама бронхопневмония ташхиси билан Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, даво муолажаларини олиб келаётган бўлган. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, 6 август куни 39 ёшида вафот этган.

«Маёр Дилшод Бобоев 2005 йилдан буён ички ишлар органларида меҳнат қилиб, ҳамкасблари меҳри ва ҳурматига сазовор бўлган инсон эди. Унинг ўз ишига бўлган муҳаббати, масъулияти ҳамиша сафдошларига намуна бўлиб келган.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби Норин туман ИИБ Ташкилий бўлинма бошлиғи лавозимида ишлаган Маёр Бобоев Дилшод Рустамжоновичнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилади ИИБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Патиддинов, Тойлоқ тумани прокурори Фарход Абдухоликов, «чинозлик Аҳмадбой» устидан ҳукм чиқарган судья Хайриддин Шермуҳамедов коронавирус оқибатида, «Ўзбектуризм» раисининг биринчи ўринбосари пневмониядан вафот этган эди.

Янгиликлар