Тошлоқда фуқаронинг тилла узуги ва 200 доллар пулини ўғирлаган аёл ушланди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 200 АҚШ доллар, 200 минг сўм пул ва икки дона қиймати 2 миллион сўмлик тилла узукларни яширин равишда ўғирлаган аёл аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда келтирилишича, Пиёзчилик маҳалласида яшовчи М.Д. ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, унда 29 октябрь куни соат 09:00 дан 12:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига кирганини маълум қилган. Шунингдек, меҳмонхонаси жавонида бўлган 200 АҚШ доллар, 200 000 сўм пуллари, икки дона нархи 2 000 000 сўмлик тилла узуклар ва телефон ўғирланганини айтган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни П.С. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, ўғирланган телефон далилий ашё тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот ўрнида, ушбу жиноятни содир этган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Қоровулбозорда сейфдан 3,5 миллион сўм пул ва салкам 10 миллион сўмлик тақинчоқлар ўғирлаган аёл ушлангани ва Тўрақўрғонда эшик қулфини бузиб, тилла занжир ўғирлаган 2 киши қўлга олингани хабар қилинганди.

Шунингдек, Наманганда 500 доллар пул ва 5 миллион сўмлик тақинчоқларни ўғирлаган аёл қўлга олингани маълум қилинган.

Янгиликлар